Ўқув хонасига профессор Раҳмон Фармонов номи берилди
Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ЖИДУ профессори, тарих фанлари доктори Раҳмон Фармонович Фармонов (1945-2025) хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.


Тадбирда ЖИДУ профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари, устоз Раҳмон Фармоновнинг замондошлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва оила аъзолари иштирок этдилар.

Тадбирда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректорининг фармонига мувофиқ университет “А” ўқув биносининг А-222 аудиторияси “Профессор Раҳмон Фармонов номидаги аудитория” деб номлангани расман эълон қилинди.

“Профессор Раҳмон Фармонов номидаги аудитория”ни ЖИДУнинг академик ишлар бўйича биринчи проректори Акрам Умаров ҳамда профессор Раҳмон Фармоновнинг турмуш ўртоғи Музайяма Фармоновалар расман очиб бердилар.
Тадбир давомида, шунингдек, устоз Раҳмон Фармонов хотирасига бағишлаб чоп этилган “Ватан бошланади инсон қалбидан” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари устоз Раҳмон Фармонов ҳақида ўз хотиралари билан ўртоқлашиб, у кишининг илмий изланишлари тарих, сиёсатшунослик, халқаро муносабатлар ва дипломатия соҳаларини қамраб олган кенг кўламли илмий мактабга айланганини алоҳида қайд этдилар.

Профессор Раҳмон Фармонов ЖИДУда у ташкил этилган 1992 йилдан бошлаб, то умрининг сўнгги дақиқаларигача фаолият юритиб, унинг тарихида ўчмас из қолдирди.

Тадбир иштирокчилари профессор Раҳмон Фармонов салмоқли ва серқирра илмий мерос қолдирганига эътибор қаратдилар. “Қиёсий сиёсий тизимлар ва кўппартиявийлик”, “Замонавий сиёсатшунослик: назария ва амалиёт”, “Халқаро муносабатлар тарихи”, “Амир Темур Кўрагон ва император Наполеон”, “Наполеон Бонапарт”, “Шоҳ, шоир ва дипломат” каби асарлари унинг тарихий воқеа-ҳодисаларга сиёсий ва қиёсий нуқтаи назардан ёндашганини намоён этади.

Раҳмон Фармонов Устоз сифатида минглаб талабаларга “Халқаро муносабатлар тарихи ва назарияси”, “Қиёсий сиёсий тизимлар”, “Дипломатия тарихи”, “Сиёсатшунослик асослари” каби фанлардан сабоқ берди.

Устоз раҳбарлигида фан докторлари ва номзодларининг янги авлоди шаклланди. Ҳозирда ўнлаб олимлар, дипломатлар ва давлат хизматчилари ўзларини том маънода “Фармонов мактаби”нинг шогирдлари деб билишади.

Раҳмон Фармоновнинг яна бир ўзига хос қирраси унинг шоирлик табиати эди. Тарихчи олим қалбида шеъриятга, Ватанга, инсонга ва гўзалликка алоҳида меҳр бор эди. Чунончи, “Шарқ ва Ғарб мушоираси”, “Кўнгил дафтари”, “Водийлик келин” каби шеърий тўпламлари унинг қалб оламини намоён этади.

Тадбирда қатнашган ЖИДУ талабалари Раҳмон Фармоновнинг она-юрт, истиқол, эзгулик, меҳр-оқибат ҳақидаги шеърларидан намуналар ўқидилар.
Сўзга чиққанлар Устозни камтарин, бағрикенг, самимий, хушмуомала ва бошқаларни тинглай биладиган устоз сифатида эсга олдилар. “Ватанни қалбан севиш керак, шундагина унга муносиб фарзанд бўлиш мумкин” деган олийжаноб ғоя бутун ҳаёти давомида у кишининг эзгу шиори бўлганини алоҳида қайд этдилар.


Тадбирда ЖИДУ тарихида ўчмас из қолдирган марҳум устозлар хотирасини абадийлаштириш йўлида бошланган хайрли ишларни келгусида ҳам изчил давом эттириш лозимлиги таъкидланди.